Хабарингиз бор, яқинда Марказий Осиё тарихида илк бор Тошкентда парламентлараро Иттифоқнинг юбилей Ассамблеяси бўлиб ўтдики, унинг юртимиз ҳаётида юксак сиёсий ва стратегик воқеа эканлигини эътироф этмоқ жоиз. Шу кунларда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ҳақли равишда ўзига қаратди. Чунки стратегик жиҳатдан қулай манзилда жойлашган юртимиз сўнгги йилларда минтақа учун муҳим ва узоқ муддатли истиқболга эга таклиф ва ташаббуслар манбаи ва фаол ижрочиси бўлиб келмоқда.

5 кун мобайнида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида кўплаб давлатлардан 181 га яқин делегат, 15 кузатувчи мамлакат ва 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотлар иштирок этди. Ўзбекистон ташаббуси билан бу галги Ассамблея “Тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилди. Дунёнинг нуфузли парламент делегациялари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигига эришиш, фан ва технологияларни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш каби муҳим масалаларни муҳокама қилишди.

Айниқса, фан ва технологияларни ривожлантириш бугун ҳар бир жамиятнинг келажагини белгилаб берувчи муҳим вазифа ҳисобланади. Жиззах политехника институти асосан транспорт ва логистика, қурилиш, энергетика ҳамда саноат технологияси бўйича кадрлар тайёрлаб келади. Ҳеч бир соҳанинг жамиятдаги ўрнини камситмаган ҳолда институтимизда  тайёрланадиган мутахассисликларнинг Янги Ўзбекистондаги аҳа­мияти беқиёс эканлигини таъкидлашни истардим. Форум давомида Россия билан кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбарининг Россия Федерал Мажлиси  Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашувида савдо-иқтисодий шериклик суръатини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳалари ва гуманитар алмашув дастурларини  қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Институтимизда Россия Федерациясининг Москва давлат қурилиш университети, Москва энергетика институти, Иванова давлат кимё-технология университети, Қозон Федерал университети, Дон давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамда Хитойнинг Чангшу технологиялар институти билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган. Бунда талаба 2 йил ўзимизда, 2 йил хорижий ОТМ­да таҳсил олади. Бу форматда 100 нафардан ортиқ талабалар таҳсил олиб, халқаро тажриба алмашинувда иштирок этишади.

Ассамблеяда давлатимиз раҳбари, шунингдек, Туркия, Беларусь, Озарбайжон, Покистон, Ҳин­дис­тон ва  Марказий Осиё давлатлари парламентлари раҳбарларини ҳам қа­бул қилди. Ҳар бир учрашувда маданият ва таълимга оид дастурларга катта эътибор қаратилгани илм-фан соҳаси кишиларини бефарқ қолдирмайди, албатта. Институтимизда ҳам Туркия, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи давлатлари илмий доиралари билан ҳамкорликда турли грант ва лойиҳалар амалга оширилаяпти. Келгусида давлатлар ўртасидаги иноқлик ва узоқ муддатли шериклик натижасида олий таълим даргоҳларининг ҳамкорлик алоқалари ҳам кенгайишига катта ишонч мавжуд.

Таъкидлаш жоизки, бугунги мураккаб, тез ўзгарувчан дунёда ижтимоий адолат, таълим тараққиёти, бар­қарор ривожланишга эришиш ҳар бир давлат ва жамият учун ҳаёт-мамот вазифасига айланди. Ўзбе­кис­тонда илк бор ташкил этилган нуфузли тадбир республикамизнинг халқаро нуфузини янада ошириш ҳамда минтақанинг жаҳон сиёсий жараёнига интеграциялашувида муҳим қадам ҳисобланади. Ассамблеяда қабул қилинадиган ҳужжатлар — декларация ва қарорлар XXI асрда парламент фаолияти учун амалий йўл харитасига айланади.

Алишер Усманкулов,

Жиззах политехника институти ректори,

техника фанлари доктори, профессор

 

442 марта ўқилди