Туман ички ишлар бошқармасида пробация назоратида турувчи 30 нафар аёллар билан ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда хатти-ҳаракатларининг келгусидаги оқибатларини билмасликлари натижасида содир этган жиноятларини такрорламасликлари учун “Сиз ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни биласизми?” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбати Қибрай тумани ИИБ ЖХХҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Гулбаҳор Мирзакаримова ва Қибрай тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи инспектори, лейтенант Лайло Дониёрова томонидан ташкиллаштирилди. Тадбирда туман Адлия бўлими бошлиғи Давлатназар Маткаримов, “Оқила аёллар” раҳбари Муҳаббат Абдуллаева, туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бош мутахассиси Нозима Тўхтаева, Инсон ижтимоий хизматлар маркази психолог ва ҳуқуқшунослари иштирок этдилар.
— Аёлларимиз айрим ҳолатларда ҳуқуқий саводхонликларининг пастлиги натижасида хатоликларга йўл қўйиб, билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолаёганликлари ачинарли ҳолат, — деди Гулбаҳор Мирзакаримова. — Бугунги тадбиримиз уларга ҳуқуқий кўмак сифатида аҳамият касб этиб қолади, деган фикрдамиз.
Лайло Дониёрова назорат остида жазо ўтаётган аёлларга келгусида қайта жиноят содир этмасликлари учун зарурий тушунтиришлар берди. Айрим юз бериши мумкин бўлган хатоликлар юзасидан огоҳлантирди.
Давра суҳбати давомида аёллар ўз ҳаётларида дуч келган вазиятлар юзасидан саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларга ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ёндашувлар асосида жавоблар берилди.
Д.Маткаримов қатнашчиларни Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2025 йилда Республика маҳалларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти билан таништирди.
Кундалик ҳаётимизда шундай ҳолатларга дуч келяпмиз, — деди у. Аёлларимиз фойда кўраман деб билиб билмай айрим ҳужжатларга имзо чекиб, жиноий жавобгар бўлиб қолмоқдалар. Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсадимиз уларга ҳуқуқий ёрдам бериш. Токи аёлларимиз зарурият туғилганда, албатта, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳуқуқий ёрдам олишсин. Бундан кейин шу каби хатоликларга йўл қўйишмасин.
— Аёл бу тарбиячи, — деди Муҳаббат Абдуллаева йиғилиш сўнгида. — Аёл киши нафақат ўзи, бутун оила тақдири учун масъул. Агар бирор бир хатоликларга йўл қўйган бўлсангиз, бу ҳаёт тугагани эмас. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳамкор ташкилотлар ҳамиша сизга ҳуқуқий кўмак беришга тайёр. Қолаверса, Республикамизда ишлаб чиқилаётган барча қонун ва қарорлар барчамизнинг ҳаётимизга бевосита таъсир этади. Уларни кузатиб, ўрганиб боришимиз ниҳоятда зарур.Ижтимоий фаол бўлайлик, жамият ҳаётида фаол иштирок этайлик. Шунда бу каби муаммоли вазиятларга дуч келиш ҳолатлари такрорланмайди.
Гулбаҳор Мирзакаримова,
Қибрай тумани ИИБ ЖХХҲПБ
Хотин-қизлар масалалари бўйича
катта инспектори, подполковник
314 марта ўқилди